Мамлакатимизда янги ҳунармандчилик марказлари ташкил этилади

Мамлакатимизда янги ҳунармандчилик марказлари ташкил этилади

vvreyukpfyucafcuayufkpyukrpyu.jpg

Миллий матбуот марказида «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан мамлакатимизда ҳунармандчилик марказларини қуриш ва реконструкция қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

 

Таъкидланганидек, «Ҳунарманд» уюшмаси таркибида 40 минг нафардан ортиқ ҳунармандлар фаолият юритиб келмоқда. Соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида ҳунармандчилик жадал ривожланмоқда. Уста-шогирд анъаналари доирасида республикада шогирдлар сони 67,8 минг нафарга етди. Соҳада яратилган иш ўринлари сони 175 мингтани ташкил этмоқда.

 

Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури доирасида тижорат банклари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 8 минг 531 та лойиҳага 327,3 миллиард сўм кредит ажратилиши белгиланган. Биринчи март ҳолатига кўра, банклар томонидан 2020 йилдаги лойиҳалар ҳисобидан 478 та лойиҳага 14,2 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган.

 

– Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, шаҳар ва туманларда Ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ташкил этиш белгиланган, – деди «Ҳунарманд» уюшмаси раиси ўринбосари Азиз Муртазаев.

 

– Ушбу марказлар тарихий-анъанавий архитектура услубида қурилиб, марказ ҳудудида туристларни кенг жалб қилиш учун «тарихий шарқ бозори» услубидаги савдо расталари, халқ ижоди усталари томоша кўрсатадиган махсус жойлар, карвонсаройлар ва бошқа объектлар жойлаштирилади. Муҳими, бу марказларда ҳунармандлар асрлар давомида уларнинг аждодлари каби бир жойда яшаб, меҳнат қилади. Яъни қурилаётган биноларнинг биринчи қаватида уларнинг устахона ва савдо дўконлари жойлашади, иккинчи қаватда улар учун замонавий турар жойлар ташкил этилиши вазифа этиб белгиланган.

 

Фармон тасдиқлангунга қадар юртимизда 17 та ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази фаолият юритиб келган. Жумладан, Бухоро шаҳрида гилам тўқиш маркази, Самарқанд шаҳрида Ҳунармандчилик маркази, Рухобод ҳунармандлар маркази, Марғилон шаҳри Атлас ва адрас тўқиш маркази, Тошкент шаҳрида Абул Қосим мадрасаси, Бароқхон мадрасаси, Чорсу бозоридаги ҳунармандлар расталари шулар жумласидандир. Фармон тасдиқлангандан сўнг ўтган 2020 йил якунига қадар 31 та ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.

 

Тадбирда мазкур марказлар фаолияти, қулайлик ва имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

 

 

ЎзА