Имом Бухорий саховати

Имом Бухорий саховати

rjhrgefgewfew.jpg

Саховатни кўп бўлса ҳам, кам бўлса ҳам доим қилиш тоғларнинг чўққисидек яхшиликларни ҳосил қилади.

 Носируддин Самарқандий

 

           Инсон боласи баъзан турмушнинг залворли зарбаларга рўбарў бўлиши, гоҳида ўз ихтиёридан ташқари ҳодисалар сабаб мушкул вазиятларнинг иштирокчисига айланиши мумкин. Бунда сабру қаноатни касб қилиш, атрофдагилар билан ҳамжиҳат иш тутиш синов азобларини енгиллаштириб, муаммолардан осон ўтиш имконини беради.

Бугун нафақат биз, балки бутун дунё синовли кунлар қаршисида. Аммо халқимиз бундан довдираб қолгани йўқ. Яратганнинг бу тақдирига сабр қилиб, олға интиляпмиз. Бундай кунлар халқимиз бошидан кўп ўтган. Лекин ҳамиша қалблари гўзал фазилатлар билан зийнатланган йўлбошчилар, олимлар, саховатли кишилар сабабли ватандошларимиз бир мушт бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, чин маънодаги халқ сифатида ўзлигини намоён қилиб, мушкул вазиятдан чиқа билган.

Бугунги “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати донишманд халқимизнинг аждодлардан ўзига мерос қилиб олган инсонпарварлик фазилатларининг амалий исботи ўлароқ ўртага чиқди.

Аслида саховатпешалик, муҳтожларга кўмак кўрсатишга тайёрлик, мушкул вазиятдаги оилалар, кишилар, аёллар ва болалар, кексалар ҳолидан хабар олишда, жайдари қилиб айтганда, одамгарчилик борасида ўзбек халқи ҳамиша олдинги ўринларда туриши ҳеч кимга сир эмас. Бугунги воқеалар ривожи ҳам бунга яққол мисолдир.

Ислом оламида муқаддас Қуръони каримдан кейин иккинчи манба сифатида эъзозланадиган “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари муаллифи, Пайғамбаримиз суннатларининг бизга етиб келишида улкан хизмат қилган улуғ муҳаддис Имом Бухорий нафақат ақл-заковат ва тақвода, балки хайру саховатда ва бағрикенгликда ҳам ўз замондошларига намуна бўлганлар. Ўзларининг турмуш тарзи, хулқи, ахлоқдаги гўзал сифатлари, ўзгалар билан муомалада ҳам бошқаларга ўрнак эдилар.

Бу ҳақда унинг котиби ва доимий ҳамсафари Муҳаммад ибн Абу Ҳотим бундай ривоят қилади: “Имом Бухорийнинг бир парча ери бўлиб, ҳар йили уни етти юз дирҳамга ижарага берарди. Ижарага олган киши Бухорий бодрингни жуда яхши кўришини билгани учун Бухорийга бир-иккита бодринг олиб келарди. Бухорий эса бу иши учун деҳқонга ҳар йили юз дирҳам ҳадя қиларди”.

Имом Бухорий бундай деган: “Ҳар ойда беш юз дирҳам топаман. Унинг ҳаммасини илм йўлида сарфлайман. Чунки илм моддий неъматлардан яхшироқ ва боқийроқдир”. Имом Бухорий қадами етган шаҳарларда тиббиёт масканлари, работлар, карвонсаройлар қурдирган. Муҳаммад ибн Абу Ҳотим бундай ривоятни ёзиб қолдирган: “Имом Бухорий кўп садақа қилар эди. Ҳадис илми билан машғул кишиларни ҳожатманд кўрса, ҳар бирининг қўлига йигирма-ўттиз дирҳам берарди. Бироқ буни ҳеч ким сезмасди. Ҳамёнини ҳамиша ўзи билан олиб юрарди. Бир кишига ичида уч юз дирҳам пули билан ҳамёнини бир неча марта бериб юборганини кўрганман. Ўша киши ундаги пул қанчалигини менга айтган эди. У киши Имом Бухорийни дуо қилмоқчи бўлди. Бухорий унга: “Қўй шу ишингни, одамлар буни сезиб қолмасликлари учун бошқа гапни гапир”, дедилар.

Бу каби ривоятлар улуғ аждодимиз Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий шу улуғ халқнинг бир содиқ вакили сифатида ўзини намоён этганини кўрсатади ва қалбимизда ғурур уйғотади. Буюк зотлар ибрати бизни ҳам шу йўлга ундайди.

Шу ўринда ҳар биримиз гувоҳи бўлиб турган мисли кўрилмаган саховатпешалик, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар халқимизнинг метин иродаси, маънавий қудрати туфайли намоён бўлди, дейиш мумкин. Зеро, бизнинг томирларимизда покиза ва сахий аждодларимизнинг қони оқмоқда.

 

Шовосил ЗИЁДОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори