Имом Бухорий мажмуаси буюк маънавий устун бўлади

Имом Бухорий мажмуаси буюк маънавий устун бўлади

20240827095642.jpeg

     Президент Шавкат Мирзиёев 26 август куни Самарқандга ташриф буюрди.

     Эзгу қадриятларимизга мувофиқ, аввало Имом Бухорий мақбараси зиёрат қилинди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

     -  Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида турибмиз. Илоҳим, мустақиллигимиз бардавом бўлсин, юртимизга кўз тегмасин. Халқимизни рози қилиш бўйича ишларимизга Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин. Бу мажмуани қуришдан мақсадимиз ҳам Имом Бухорий бобомизнинг қадрини янада кўтариш, жаҳонга баралла айтишга асос яратиш. Бундай хайрли ишларимиз кўп бўлсин, - деди Шавкат Мирзиёев.

     Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Мақбара майдони 600 квадрат метр, баландлиги 28 метр этиб кенгайтирилган. 10 минг кишига мўлжалланган масжид бунёд этилган. Мажмуанинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга улуғворлик бағишлаган. Бугунги кунда қурилиш ва муҳандислик ишлари битказилиб, пардозлаш босқичи бошланган. Бунда миллий анъаналар ва иссиқ рангларга алоҳида эътибор берилган.

20240827095635.jpeg

      Давлатимиз раҳбари ушбу қурилиш ва пардозлаш ишлари билан танишди. Энди мажмуада замонавий, хавфсиз бошқарувни жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

     - Бу мажмуа буюк маънавий устун бўлиши керак, - деди Президент.

      Мутасаддиларга барча туман ва шаҳарлардаги табаррук зиёратгоҳларни тиклаш, уларнинг тарихи ва мазмунини тўғри талқин қилиб етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

      Мажмуада, шунингдек, музей, нақшинкор айвонлар, маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари қурилмоқда. Давлатимиз раҳбари бўлажак музейни ҳам кўздан кечирди.

ЎзА