Имом Абу Мансур Мотуридий ҳафталиги

Имом Абу Мансур Мотуридий ҳафталиги

66565.jpg

Аввал хабар берганимиздек, шу йил 3-5 мартда Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида  Ўзбекистон диний-маърифий муассасалари ва Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар мажмуаси ўзаро ҳамкорлигида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилади. Шу муносабат билан 10-16 февралда  Самарқанд вилоятида Имом Абу Мансур Мотуридий илмий мероси ҳафталиги бошланди.

         Ҳафталик доирасида Самарқанд давлат университетида ташкил этилган тадбирда  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтмишдаги мутафаккирларимиз, диний аломалар, шу жумладан Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти ҳар тарафлама ўрганилаётгани таъкидланди.  

          Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази  директорининг бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори Бахтиёр Тўраев шу кунларда ўтказилаётган ҳафталик доирасидаги тадбирлар  ҳақида маълумот берди ва аллома меросида эътиқод масаласи, ҳар хил оқимларга қарши курашишда мотуридийлик таълимотининг аҳамиятини батафсил баён этди.

         Марказ томонидан  халқаро ҳамкорлик алоқалар доирасида   2019 йилда Миср Араб республикасидан аллома Имом Абу Мансур Мотуридий қаламига мансуб қатор асарлар, яқинда эса,  Туркиянинг Мармара университети Илоҳиёт факультетидан 18 жилдик “Таъвилотул Қуръон” асарининг турк тилидаги таржимаси олиб келинди. Давра суҳбати тарзида ўтказилган тадбирда Марказ томонидан «Жаҳолатга қарши-маърифат» рукнида нашр этилган “Самарқандлик алломалар”, “Алоуддин ал-Усмандий ас-Самарқандий”, “Иброҳим Саффор Бухорий”, “Имом Бухорий мажмуаси китоб-альбоми”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони” номли китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди.

         Ана шундай тадбир Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтида ҳам бўлиб ўтди.Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг илмий ходимлари мутакаллимнинг ноёб илмий-маънавий мероси, ислом оламида тутган ўрни хусусида маърузалар қилди.

878787.jpg