Форекс савдоси

Форекс савдоси

srjsjhserghsregasershrdshe.jpg

Форекс савдоси, бу бир вақтнинг ўзида бир пул бирлигини харид қилиш ва бошқа бир пул бирлигини сотиш амалиётидир. Ушбу савдо амалиёти брокер (даллол) ёки дилер (олиб сотар) орқали ва жуфт-жуфт ҳолда (яъни валюталар жуфтлигида) амалга оширилади. Форекс бозори жуда катта миқдорда пул бирликлари савдоси амалга ошириладиган жойдир. Форекс бозорининг бир кунлик (!) савдо кўлами тахминан 5 трлн. АҚШ долларига тенг.

 

Валюталар савдоси турли мақсадларда, шу жумладан реал иқтисодиёт эҳтиёжлари учун маҳсулот сотиб олиш (импорт қилиш), валюталар курси билан боғлиқ хатарларни бартараф қилиш мақсадида (hedging) бирор-бир валютани пулини кейин бериш шарти билан харид қилиш шартномаси тузиш (опцион, фьючерс ва форвард), хорижий валютада сармоя киритиш ёки чайқов амалиёти олиб бориш учун амалга оширилади. Форекс савдоси доирасида турли молиявий воситалардан фойдаланилади.

 

Ушбу битим форекс бозоридаги жуда кенг тарқалган чайқов амалиёти бўлиб, уни кўпчилик форекс бозори даллоллари таклиф қилишади. Бу битим одатда чакана валюта бозорида (яъни биржада) чайқов амалиёти билан шуғулланмоқчи бўлган сармоядор шахс, ҳамда брокер (биржадаги “даллол”) ўртасида тузилади. Бу битим доирасида ҳеч қандай пул бирлиги харид қилинмайди ҳам, сотилмайди ҳам, яъни бу чайқов амалиёти доирасида ҳақиқий валюта алмашинуви умуман содир бўлмайди. Барча битимлар амалда эмас, фақат компьютердаги ёзувлар кўринишида амалга оширилади. Бундай битим иштирокчиларининг мақсади валюта олиш ёки сотиш эмас, балки бирор бир валютанинг муайян вақт оралиғидаги бошқа бир валютага нисбатан нархи ўзгаришида, яъни валюта курслари ўртасидаги тафовут устида пул ишлашга ҳаракат қилишдир.

 

Шаръий жиҳатдан тафовут бўйича битим асосида ишлаш жоиз эмас, чунки бунда:

 

1. Мавжуд маҳсулот устида олиб бориладиган ҳақиқий савдо эмас, балки мавжуд бўлмаган маҳсулот устида чайқов (спекуляция) амалиёти бор.

 

2. Ғарар (мавҳумлик) бор, чунки бу турдаги амалиётнинг натижаси аниқ эмас, масалан ҳақиқий савдода сотилаётган мол ҳам, олинаётган мол ҳам аниқ, молнинг нархи ҳам аниқ, савдогарнинг мақсади ҳам молни маълум нархда олиш ёки сотиш, пул бирликларининг нархи ўзгаришига пул тикиш эмас.

 

3. Қимор аломатлари бор, чунки бу турдаги “савдо” амалиётида бир томон иккинчи томонга қарши пул тикади, бу эса бир томоннинг ютуғи, иккинчи томоннинг мағлубияти эвазига таъминланади дегани.

 

Бундай айирбошлашни таклиф қилаётган ташкилот брокер (даллол) вазифасини бажаради. Ушбу ташкилот қатъий белгиланган миқдорда ёки амалга оширилган алмашув миқдоридан келиб чиққан фоиз кўринишида хизмат ҳақи олиши жоиз ҳисобланади. Амалий форексда сотиб олинаётган маблағ брокерга келиб тушиши билан эгалик қўлга киритилган ҳисобланади. Рақамли (электрон) валюта айирбошлашда, нақд пулдан фарқли ўлароқ, кечикиш муайян ва узрли сабабларга кўра бўлади деб ҳисобланади. T+2 усулида айирбошлашда кечикиш давлатлар ўртасида қонунчилик, бошқарув, технологик ва тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги фарқлар сабабли келиб чиқади деб эътироф этилади. Бир тизим тезроқ, иккинчиси секинроқ ишлаши, турли минтақаларда вақт тафовути ва бошқа сабаблар айирбошлаш кечикишига сабаб бўлиши мумкин.