“Девону луғотит турк” асаридаги тарихий манбалар

“Девону луғотит турк” асаридаги тарихий манбалар

vervovkoenlgnadagykppukp.jpg

Марказий Осиё тарихида сиёсий ақл-идрок билан маънавий жасоратни, диний дунёқараш билан қомусий билимдонликни ўзида мужассам этган буюк арбоблар кўп бўлган. Уларнинг номлари, жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган буюк ҳиссалари ҳозирги кунда бутун дунёга маълум, илмий намояндаларнинг асарлари орқали миллат тарихини тиклаш ва яратишда уларнинг асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Шулардан бири Зарафшон воҳасида тарихий ёзма манбалар орасида Маҳмуд Кошғарийнинг  “Девону луғотит турк” асарининг аҳамияти алоҳида қийматга эгадир.

Унда қадимги даврлардаги қабилалар ва уларнинг уруғлари тарқалиш ўрни, ўзига хос тили кабилар ҳақида муҳим маълумотлар берилган.

Қомусий олим ўз асарида ўша даврлардаги қабилалар бирлашмалари, иттифоқлари, уруғларининг ўзаро муомаласида ўз шевалари, тилларидан ташқари яна  умумтил ёки адабий тил ҳам мавжуд эканлигини аниқ далиллар орқали талқин этган. Худди шу адабий тилга асос бўлган қабила ва уруғларни номма-ном санаб, улар ҳақида аниқ маълумотлар берган. Маҳмуд Кошғарийнинг  “Девону луғотит турк” асари Румдан Мочингача шунчалик кенг ва катта ҳудудларда яшовчи туркий қабила ва уруғлар номи ҳақида маълумот бериши билан биргаликда, шунингдек, қадимги Зарафшон воҳаси аҳолисининг таркибини аниқлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Олим берган маълумотлардан бу умумтилнинг шаклланишида уч гуруҳ қабила ва уруғлар асос бўлганлигини англаш мумкин:

I-гуруҳ қабилаларга суғдак, канжак, арғу, тубут, тангут, хутан, уйғур кабилар киритилган. Улар фақат шаҳарларда яшашган…. Уларнинг ўз тиллари (шевалари), ёзувлари ҳам бўлган. Масалан, уйғурларнинг тили туркча бўлса-да, ўзаро сўзлашувда шеваси (ўз тили)ни ҳам қўллаганлар. Бу қайд этилган гуруҳдаги барча қабилалар шаҳар типли шевалар сифатида қаралиб, туркий тилда сўзлашувда қисман ўз тиллари (шевалари)нинг таъсири ҳам сезилиб турган.

venronvyukepvkronpslnvdylku.jpg

II-гуруҳдаги қабилаларга жумул, қай, йабақу, тотор, басмил кабилар киритилган. Бу қабилалар асосан даштларда яшаганлар. Уларнинг ҳам шевалари (тиллари) бор ҳам бўлиб, лекин умумтуркча-адабий тилда яхши сўзлашганлар.

III-гуруҳдаги қабилаларга қирғиз, қипчоқ, ўғуз, тухси, яғмо, чигил, иғроқ, йаруқ, қарлуқ, қангли кабилар киритилган. Улар фақат туркчада сўзлашганлар, йамак ва бошғиртлар ҳам буларга яқиндир. Шу каби Румгача чўзилган булғар, сувар, бажанаклар тили туркча бўлиб, уларда айрим сўзлар охири қисқартириб қўлланилган. Учинчи гуруҳдаги қабилалар ҳам саҳро(дашт)ларда, шунингдек, шаҳарларда истиқомат қилганлар.

Девонда бу уч гуруҳ қабилалар ва уларнинг ўзига хос тил (диалект ва шева) хусусиятлари мисоллар билан таҳлил қилинган. Аслида, Маҳмуд Кошғарий томонидан фикр юритилган умумтуркий тил ўша даврлардаёқ шаклланган эски ўзбек адабий тилининг илк кўринишидир. Чунки олим санаб ўтган қабилалар ва уларнинг лаҳжалари ўзбек халқининг диалект ва шеваларига деярли мос келади.

Хуллас, девондаги изоҳларидан маълум бўлишича, Маҳмуд Кошғарий қабилаларнинг тилларини, улар орасидаги яқинлик ва ўхшашликларга мувофиқ икки гуруҳга ажратади. Уларнинг бирини ўғуз, иккинчисини чигил ёки турк гуруҳига хос деб атайди. Икки тилнинг бирига хос деганда ана шу икки гуруҳнинг бирини, яъни ўғуз ёки туркни кўзда тутган.

Умуман олганда, ўзбек уруғларининг тарихи ва бўлинишларини ўрганиш тарихчи этнограф ва тилчи-диалектологиямизнинг муҳим вазифаларидандир. Чунки ўзбек уруғларини ўрганиш халқимиз тарихини ва унинг тили тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.

 

Ш. ЭШОНКУЛОВ,

 ЎзР ФА Тарих институти мустақил-тадқиқотчиси