Бобохоновлар сулоласи шахсий кутубхонасида сақланаётган ёзма ва босма асарлар,

Бобохоновлар сулоласи шахсий кутубхонасида сақланаётган

ёзма ва босма асарлар, тарихий ҳужжат ва фотосуратларни

Марказ кутубхонаси фондига қабул   қилиб

 олишга бағишланган тадбир

 

  2022 йил 16 июнь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдончаси мажлислар залида Бобохоновлар сулоласи шахсий кутубхонасида сақланаётган ёзма ва босма асарлар, тарихий ҳужжат ва фотосуратларни Марказ кутубхонаси фондига қабул   қилиб  олишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

 Тадбир  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари, Бобохоновлар сулоласи вакиллари  ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тарихий хотирасиз келажак бўлмайди. Юртимизда таваллуд топиб, фозил инсон сифатида элимизга танилган уламолар, олимларни хотирлаш, уларнинг суронли ва таҳликали йиллардаги ҳаёти ва ижодини ўрганиш, ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш муҳим вазифа ҳисобланади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак.  Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол  тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”.

Шайх Эшон Бобохон, шайх Зиёвуддинхон ва муфтий Шамсуддинхон Бобохоновларнинг юртимизда ислом динини тиклаш ва ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари нафақат минтақамиз, балки бутун дунёда исломнинг обрўйини оширди, мавқеини мустаҳкамлади.  Чунки, минтақамиз, хусусан Ўзбекистоннинг  ислом дунёсидаги алоҳида ўрни, ислом маданияти, илму маърифатига қўшган бебаҳо ҳиссаси Машриқу Мағрибда эътироф этилган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон  муфтийси вазифасини моҳирлик билан бажариб келган  шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва кейинчалик шайх Зиёвуддинхон қорининг бевосита иштирокида ташкил топиб, улар  моҳирлик билан раҳбарлик қилган   минтақавий диний тузилма Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлари диний назорати   миллатлараро ташкилот   сифатида фаолият кўрсатганди.

Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва кейинчалик шайх Зиёвуддин минтақамиздаги бешта республика мусулмонларининг муфтийси бўлишган. Муҳими, улар бу масъулиятли вазифани ҳам аъло даражада бажарганлар: ёпилган масжидларни очиш, бузилиб ётганларни таъмирлаш, диний тадбирларни ўтказиш, фуқароларнинг  ҳаж сафарларига рухсат олиб, бўлажак ҳожиларни унга тайёрлаш ва муқаддас қадамжоларнинг зиёратини рисоладагидай ўтишини таъминлаш масалалари  билан шахсан шуғулланганлар. 

Уларнинг ташаббуси ва таклифлари билан қадимдан исломий дину маърифат ўчоғи, дини ислом қуввати бўлиб келган   Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкентда  Ислом олий институтининг очилиши бу соҳадаги муҳим қадамлар эди. Бу илму фан ўчоқлари  нафақат Ўрта Осиё ва Қозоғистон, балки  Россиянинг Европа қисми ва Сибир, Кавказорти, Шимолий Кавказ диний муассасалари учун ҳам кадрлар тайёрладилар. Мазкур ўқув юртларини битириб чиққанлар орасида етук мутахассислар, диний жамоаларнинг етакчилари, масалан,   Чеченистоннинг собиқ раҳбари, марҳум Аҳмад ҳожи Қодиров, Озарбойжон муфтийси Пошшозода ва бошқа таниқли дин арбобларининг борлиги фикримизни тасдиқлайди.

Муфтий Бобохоновлар диний-маърифий, ташкилий-мувофиқлаштириш, ўқув-тарбия  масалалари билан бирга халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга ҳам эътибор берардилар. Бунда улар, биринчидан, турли мусулмон мамлакатларида ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этиб, ўша даврларнинг долзарб масалалари юзасидан маъруза қилган бўлсалар, иккинчидан, кўплаб дин ва давлат арбоблари билан алоқа ўрнатдилар, ўзимизда ҳам диний анжуманларни ўтказишга эришдилар. Уларнинг таклифига биноан Иттифоқ ҳукумати ҳузуридаги Диний кенгаш  қошида Халқаро бўлим тузилиб, шайх Зиёвуддинхон унинг биринчи  раҳбари сифатида 20 йил ишладилар. Улардан сўнг ушбу бўлимга Шамсуддинхон ҳазратлари раҳбарлик қилдилар. 

Муфтий Бобохоновлар иштироки билан ўша даврларда араб мамлакатлари ва ислом дини тарқалган 80 та давлат билан мамлакатимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланиб, маданий-гуманитар ва диний алоқалар кенгайгани ҳам ҳақиқатдир. Маълумки, Зиёвуддинхон қори малакатимизнинг дипломатик алоқаларини кенгайтириш ва ривожлантириш ишига билвосита,  Шамсуддинхон ҳазратлари эса  1994-1998 йилларда Миср Араб Республикасида, 1998-2001 йилларда Саудия Арабистони Подшолигида ва ўриндошлик асосида Бахрайн, Жазоир, Йордания давлатларидаги  Ўзбекистон Республикасининг фавқуллода ва мухтор элчиси бўлиб бевосита ҳисса қўшди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси М.Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси С.Тошбоев, ЎМИ раиси, муфтий Нуриддин ҳожи Холиқназаров, Марказ директори Ш.Миноваров, Шайх Абдулазиз Мансур ҳамда сулола вакиллари Муфтий Бобохоновлар сулоласининг ҳаёти ва фаолияти, уларнинг юртимиздаги диний – маърифий соҳа ривожига қўшган беқиёс хизматларини эътироф этишди.    

Тадбир сўнгида ана шу жўшқин фаолият соҳибларининг ўз ҳаётлари давомида жамлаган ёзма ва босма китоблари, тарихий ҳужжат ва фотосуратлар  Марказ кутубхонаси ва музейи фондига беғараз тақдим этилди.

photo2022-06-1716-20-52.jpgphoto2022-06-1716-20-57.jpgphoto2022-06-1716-20-53.jpgphoto2022-06-1716-21-05-2.jpgphoto2022-06-1716-21-06-2.jpgphoto2022-06-1716-21-06.jpgphoto2022-06-1716-21-04.jpgphoto2022-06-1716-21-01.jpgphoto2022-06-1716-21-03.jpgphoto2022-06-1716-21-03-2.jpg