БМТда Исломофобияга қарши кураш бўйича махсус вакил тайинланди

БМТда Исломофобияга қарши кураш бўйича махсус вакил тайинланди

 

kpvpvpvapvap.png

         Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) маълум қилишича, Мусулмонлар жаҳон лигаси Бош котибияти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан исломофобияга қарши кураш чора-тадбирлари тўғрисидаги резолюция қабул қилинишини ва БМТнинг Исломофобияга қарши кураш бўйича махсус вакили тайинланганини олқишлади.

         Бош котиб, Мусулмон уламолари уюшмаси раиси, шайх доктор Муҳаммад бин Абдулкарим Ал-Исо ушбу қарор дунёда хавотирли салбий қараш кучайиб бораётган бир шароитда жуда муҳимлигини таъкидлаб, “Ислом раҳм-шафқат, бағрикенглик, адолат ва осойишталик дини сифатида тинчлик, поклик, инсонийлик, меҳр-мурувват, ватанпарварлик, илм олишга чақирувчи дин” эканини қўшимча қилди.

         Уюшма экстремистик ғояларга қарши кураш, тинчлик, биргаликда яшаш, дин ва цивилизациялар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва қадриятларни рағбатлантиришга қаратилган ҳар қандай халқаро саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

         Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 март куни БМТ Бош Ассамблеяси исломофобияга қарши кураш резолюциясини қабул қилди. Покистон томонидан тақдим этилган ҳужжатда, жумладан, ушбу масала бўйича махсус вакил тайинлашга чақирилган.

         Муслимларга нисбатан зўравонликка қарши курашга мувофиқлаштирилган ёндашувни ҳам талаб қиладиган резолюцияни 113 давлат ёқлади. 44 давлат бу масалада бетарафлигини билдирди. Ҳеч бир давлат қарши овоз бергани йўқ. Бош Ассамблея Европанинг бир неча давлати томонидан таклиф қилинган, резолюция матнига жузъий ўзгариш киритиш, масалан Махсус вакил ўрнига Координатор тайинлаш, муқаддас китобни таҳқирлаганга қарши чора кўриш тўғрисидаги ҳаволани олиб ташлаш чақириғидан иборат тузатишларни қабул қилмади.

         БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўз баёнотида одамларни ажратувчи, фактни бузиб кўрсатувчи риторика бутун аҳоли қораланишига олиб келиши, халқаро ҳамжамият муросасизлик, стереотип ва тарафкашликка қарши курашиш учун бирлашиши кераклигини уқтирди.

         Дарвоқе, 15 март – Халқаро исломофобияга қарши кураш куни. БМТ бу санани 2019 йил Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги масжидларга 51 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳужумлар уюштирилиши муносабати билан белгилаган.