“Ал-Фурқон”дан туҳфалар

“Ал-Фурқон”дан туҳфалар

12.jpg

 

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказида Буюк Британиянинг “Ал-Фурқон” ислом мероси фонди томонидан тақдим этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.

Исломшунос олимлар, халқаро маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби ходимлари, тингловчилар иштирок этган тадбирда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган қисқа давр мобайнида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, хорижий давлатлардаги нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Бу ишлар самарали ўлароқ айни пайтда дунёнинг 24 та етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

– Буюк Британиянинг “Ал-Фурқон” фонди билан йўлга қўйилган яқин ҳамкорлик натижасида яқинда мазкур фонд томонидан марказимизга дунёнинг турли мамлакатларидаги кутубхоналарда сақланаётган нодир қўлёзма асарларнинг каталоглари ва бошқа манбалардан иборат юзга яқин китоблар тўплами ҳадя этилди, – дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. – Бу китоблар орасида араб, турк, форс тилларидаги ноёб қўлёзмалар, катологлар борки, улар ёрдамида заминимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг асарлари ҳақида маълумот олиш, уларнинг қаердаги сақланаётганини билиш мумкин. Мисол учун, Буркина Фасо, Кот-д´Ивуар сингари Африка давлатлари, шунингдек, Европанинг бир қатор мамлакатларида нашр этилган катологлар ёрдамида ушбу юртлардаги кутубхона ва қўлёзма фондларда сақланаётган асарлар тўғрисида қимматли маълумотларга эга бўламиз. Бу эса улуғ аждодларимизнинг маънавий меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга ёрдам беради.

Тақдимот чоғида марказ ходимлари томонидан яқинда Туркиядан келтирилган Имом Мотуридийнинг турк тилига таржима қилинган 18 жилдлик “Таъвилотул Қуръон” асари ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу асар Туркиянинг Мармара университети Илоҳиёт факультети томонидан марказга туҳфа қилинган.

Маросимда жорий йилда Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудига 1150 йил тўлиши ва шу муносабат билан амалга оширилаётган илмий тадқиқот ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, 3-5 март кунлари Самарқандда ташкил этилаётган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуманнинг шўъба мажлислари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактабида ўтказилиши, ушбу тадбирга тайёргарлик ҳақида сўз юритилди.

ЎзА

13.jpg

14.jpg

15.jpg