Адиблар хиёбони – нафис мажлислар, маърифат ва маънавият маркази

Адиблар хиёбони – нафис мажлислар, маърифат ва маънавият маркази

erhgrgwefwqfdef.jpg

        Адабиёт ҳар бир халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини боғловчи таъсир кучига эга муҳим воситадир. Унда миллатнинг маданияти, урф-одати, дунёқараши, маънавияти акс этади. Демак, адабиёт яшаса миллат яшайди, унинг шаъни улуғланади, қадриятлари қадр топади.

         Шу боис мамлакатимизда адабиёт ва санъатга алоҳида ҳурмат билан ёндашилади. Уни ривожлантириш йўлида ислоҳотлар тизимли олиб борилмоқда. Бундан 3 йил аввал ана шундай мақсадларга хизмат қилувчи яна бир йирик лойиҳага қўл урилиб, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбони барпо этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган эди. Қарорга кўра хиёбоннинг меъморий-ғоявий лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мажмуавий тарзда олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижасида пойтахтимиз марказидаги Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли яратилди. Бу тарихий воқелик адабиётимизни яна бир поғона юксакка кўтариши билан аҳамиятлидир.

         Президентимиз мазкур масканнинг очилиш маросимида Адиблар хиёбонини адабиёт, маърифат ва маданият масканига айлантириш зарурлигини таъкидлади. Ҳар бир адиб ҳайкалини муайян олий ўқув юртига бириктириб, бу ерда очиқ дарслар, маърифий тадбирлар ўтказиш бўйича тавсиялар берди. Айтиш мумкинки, хиёбон маънавий жиҳатдан кенг қамровли бўлиб, у катта мақсадлар йўлида хизмат қилади.

ergehehhgfsd.jpg

      Сир эмаски, бугун биз мураккаб замонда яшамоқдамиз. Бундай даврда инсон қалбига йўл топиш мушкулдир. Одамларнинг дунёқарашини бойитиш, эзгу мақсад-ғояларга илҳомлантириш учун адабиётдан кенг фойдаланиш лозим. Унинг таъсири натижасида, айниқса, фарзандларимиз онгини турли таҳдидлар, ёт ғоялардан сақлашга эришамиз. Демак, мактабларда маҳорат дарслари, танловлар, ноанъанавий ўқитиш услубларидан самарали фойдаланиш, таълим-тарбия жараёнида болага нафақат билим, балки эстетик завқ бағишлаб, дарсга, фанга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилувчи янгиликлар жорий этиш керак.

         Айни пайтда инсоният бошига тушган пандемияга қарши курашиш, иқтисодий қийинчиликларни енгишимиз талаб этилади. Бироқ бу мамлакатимизда бошқа соҳалар назардан четда қолади, дегани эмас. Айниқса, таълим-тарбия соҳасида янада катта масъулиятли вазифалар мавжуд. Зотан, илм бу маърифат, маънавият, бу инсоннинг ҳаёт-мамоти билан боғлиқ бўлган жараёндир. Ҳозирги мураккаб вазиятда Адиблар хиёбонининг очилиши ҳамда у ерда яратилган юксак маънавий мерос объектлари халқимизнинг руҳиятини кўтаришга, ёшларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилишига шубҳа йўқ.

 

Шу ўринда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тизимидаги таълим даргоҳларида юртимиздаги малакали кадрлар ҳамда хорижлик мутахассислар болаларга интерактив тарзда чуқурлаштирилган билим бермоқда. Янги барпо этилган хиёбон эса истеъдодли, ижодкор ўқувчиларимиз учун катта совға бўлди.

rethqargfffsfd.jpg

         Ҳазрат Навоий бобомизнинг муҳташам ҳайкали атрофида 20 дан зиёд атоқли шоир ва адибларнинг ҳайкаллари яхлит меъморий ва бадиий композицияда, мантиқий ечим асосида жойлаштирилди. Шу ерда Ёзувчилар уюшмаси учун бино барпо этилгани ҳам ҳамоҳанглик касб этди.

         Бугунги ёшлар интернет, электрон адабиётлардан кўпроқ фойдаланишини инобатга олсак, миллий адабиётимиз хазинасини интернетда тарғиб этиш энг самарали усул ҳисобланади. Замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда адабий порталлар яратиш ҳам муҳим вазифалардан саналади. Унда мумтоз ва замонавий асарларнинг электрон нусхалари, ёзувчи ва адабиётшуносларнинг маҳорат сабоқлари жамланади. Портал ўзбек, инглиз ва рус тилларида фаолият кўрсатса, ундан хорижлик мухлис ва мутахассислар ҳам фойдаланиш имконияти яратилади.

         Ҳозир вазият қандай бўлишидан қатъи назар, эртага, албатта, у ўз ечимини топади. Шундай экан, биз аввалгидан ҳам катта куч ва ғайрат билан изланишда давом этамиз. Юксакликка эришиш учун тинимсиз ўқиш, ўқитиш, катта меҳнат ва, албатта, сабр талаб этилади. Зеро, бугун биз фарзандларимизга тўғри ва муносиб таълим-тарбия бериш орқали ўзимизнинг келажагимизга инвестиция ҳозирлаймиз.

Сарвар БОБОХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган

мактабларни ривожлантириш агентлиги директори

thrhrthyjtjtjy.jpg

trhrshtesreafe.jpg