Туризм – мамлакатни дунёга танитувчи соҳалардан бири

Туризм – мамлакатни дунёга танитувчи соҳалардан бири

yervkervkeoyukryukoryoyruykp.jpg

Тошкент вилоятида ҳам зиёрат туризмини ривожлантириш учун  йирик моддий-маданий мерос объектларида ички инфратузилмасини шакллантириш мақсадида зиёратгоҳларга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бўстонлиқ, Қибрай, Юқори Чирчиқ, Зангиота, Янгийўл, Чиноз, Оққўрғон, Пискент, Бўка ва бошқа туманларда 828 та тарихий зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар рўйхатдан ўтган. Уларнинг ҳар бирига йил бўйи зиёратчилар келиб туради. Мазкур қадамжоларда кўп асрлик тарихий маълумотлар бор. 

 

Паркент туманидаги Кумушкон туризм қишлоғида жойлашган “Масжид Али” зиёратгоҳи халқ орасида алоҳида меҳр билан ёдга олинадиган Ҳазрат Али номи билан боғлиқ кўркам қадамжо бўлиб, вилоятнинг энг ажойиб диққатга сазовор жойларидан ҳисобланади. Зиёратгоҳдаги ажойиб улкан чинор ва шифобахш булоқ суви зиёратчилар томонидан эъзозланиб, бу мўъжизаларни улар айнан Ҳазрат Алининг ташрифи билан боғлайди. Ушбу ҳудудда қадимдан кумуш конлари мавжуд бўлиб, булоқ сувларига ижобий таъсири натижасида инсон саломатлигига ниҳоятда фойдали.

 

Шунингдек, “Заркент ота” мажмуаси – Жаъфар ибн Ҳусайн Саййид Баттол Ғозийнинг қадамжоси ҳисобланади. Заркент ота VIII – IX асрларда яшаган ҳарбий қўмондон ва қутб-ул-ақтоб даражасидаги тасаввуф аҳли намоёндасидир. Бу улуғ инсонга бағишлаб бир қатор олимлар асарлар яратган. Ривоятга кўра, Заркент қишлоғида содир бўлган жангда Саид Жаъфар Ғозий душманларни енгиб, ғойиб бўлган. Шу билан бирга, дунёда Ғозийнинг еттита қадамжоси бор бўлиб, Заркент қишлоғидаги тарихий мажмуа энг улуғ қадамжолардан бири ҳисобланади. 

 

Оҳангарон туманидаги “Шоабдумаликбобо” мақбараси – XIII асрга мансуб бўлиб, Дўстлик қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги зиёратгоҳдир. Халқ орасида “Шодмаликбобо” номи билан танилган машҳур шайх Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг биринчи муриди бўлган ҳазрат Мансур отанинг фарзандлари бўлиб, Зангибобонинг бувалари бўлган. 

 

Тарихчи Ю.Буряков “Тошкент областининг археологик ёдгорликлари” китобида мазкур зиёратгоҳни Оҳангарон дарёсининг ўнг қирғоғида жойлашган икки хонали ерости сағанаси, ҳовузли чорбоғ ва кейинги вақтларда қурилган турли-туман иморатлардан иборат комплекс экани ҳақида ёзган.

 

Шунингдек, профессор Михаил Евгеньевич Массоннинг гувоҳлик беришича, “Шоабдумаликбобо”нинг қабри сақланаётган сағанада жуда кўп қўлёзма ва китоблар бўлиб, улар аввалига текширувчилар томонидан олиб кетилган. Бу қўлёзмалар таҳминларга кўра, ҳозир Санкт Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари фондида сақланади. Бу асарларнинг аксарияти Шоабдумаликбобонинг дастхатлари билан ёзилган ноёб асарлар бўлиб, уларнинг кўпи илоҳиёт сирлари, туш таъбирлари, маърифат талқини, Қуръон тафсирлари ва бошқа соҳаларга бағишланган ўттиздан ортиқ қўлёзмалар бўлган.

 

Бундан ташқари, жорий йилда “Ёшлар учун туризм ойлиги”ни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бунда транспорт хизмати, овқатланиш шохобчалари хизматидан фойдаланиш, туризм масканларига кириш учун турли чегирма ва акциялар ўтказиш орқали ёш сайёҳларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Ёш сайёҳлар учун алоҳида саргузашт туризми, спорт ва экстремал туризм йўналишларида саёҳат дастурларини ишлаб чиқиш ва уни кенг тарғиб этиш бўйича ишлар бошланган. Йил охирига қадар 10 дан ортиқ янги йўналишлар жорий этилади.

 

Бундан ташқари, вилоятга туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида 2021 йил давомида ўтказилиши мўлжалланган йирик маданий кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирлари ягона тақвим режаси ишлаб чиқилди. Ушбу тадбирларни тегишли ташкилотлар билан биргаликда юқори савияда ўтказиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.