Навбатдаги халқаро онлайн-семинар

Навбатдаги халқаро онлайн-семинар

ypprtoneovkrpypaycupkyekryuk.jpg

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Анқара ижтимоий фанлар университети билан ҳамкорликда навбатдаги онлайн-семинар ўтказилди.

 

Семинарда Марказ илмий ходимлари ва юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасаларнинг ёш олим ва тадқиқотчилари ҳамда илмий доиралар вакиллари иштирок этди.

 

Бу галги семинар “Имом Мотуридийга кўра тавҳид тушунчаси”  деб номланиб, буюк мутакаллим, калом илмининг асосчиси Абу Мансур Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий меросига бағишланди.

 

Унда туркиялик мотуридийшунос олим, Анқара ижтимоий фанлар университети профессори Метин Ўздемир Имом Мотуридий ва мотуридия таълимотини ўрганиш бўйича олиб борган тадқиқот ишлари ва илмий изланишлари давомида тўплаган маълумотлар билан ўртоқлашди.

 

Семинар давомида олим шунингдек, Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” асари, ислом илоҳиётида ёмонлик назарияси, ислом тафаккурида илоҳий адолат мавзулари ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

 

– Имом Мотуридий яшаб ўтган давр – ислом динига нисбатан таҳдидлар авж олган пайтга тўғри келади. Имом Мотуридий шундай таҳдидларга қарамай ўзининг юксак ақл-заковати ва билим салоҳияти билан ҳам ташқи, ҳам ички тажовузларга қарши илмий далиллар асосида қатъий курашган буюк аллома сифатида тан олинган ва мусулмон оламида чуқур эъзозланади, - деб таъкидлади  олим.

 

Самимий мулоқот тарзида ўтган семинарда иштирокчиларни қизиқтирган  саволларга олим томонидан атрофлича жавоблар берилди.

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Матбуот хизмати