Аҳмад Саъд Даманҳурий: «Буюк алломалар ворисларига сабоқ бериш — шараф»

Аҳмад Саъд Даманҳурий: «Буюк алломалар ворисларига сабоқ бериш — шараф»

rfyekrpukpfuafpyfukrfaku.jpg

              Ўзбекистон халқаро ислом академияси «Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш » кафедрасида мисрлик мотуридийшунос олим, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий яна дарс ўтишни бошлади. Таниқли исломшунос олим янги ўқув йилидаги дастлабки дарс машғулоти таассуротлари билан ўртоқлашди:

— Маълумки, ҳозирда бутун дунёда таълим даргоҳларида дарс жараёнлари кўпроқ онлайн тарзда олиб борилмоқда. Талаба-ёшлар ҳам бундай машғулотларга мослашмоқда. Албатта, бошида озроқ қийинчиликлар пайдо бўлди. Ҳозир бу муаммолар бартараф этилган. Талабаларнинг таклифларини инобатга олиб, уларга янада қулайлик яратиш мақсадида фан бўйича қўшимча тушунтириш ишларини ҳам олиб боряпмиз.

Умуман олганда, Академия талабалари ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, улар жуда тиришқоқ, ғайратли экани интилишлари ва ёниб турган кўзларидан сезилиб туради. Айниқса, талабаларнинг билим олишга рағбати ва устозларига ҳурмати жуда эътиборимни тортди. Бундан олдин мен бошқа давлатларнинг таълим муассасаларида ҳам дарс берганман. Аммо у ердаги талабалар билан академиядаги талабаларнинг билим олишга бўлган иштиёқи, жумладан, араб тилини билиш даражаси анча юқорилиги хурсанд қилмоқда. Бу дарс жараёнларида уларнинг ўз фикрларини эркин баён этишида ҳам сезиляпти. Буюк алломалар ворисларига сабоқ бериш биз учун шараф.

Шуни ишонч билан айтаманки, агар юртингиз ёшларидаги илм ва касб-ҳунарларни эгаллашга бўлган иштиёқ шундай кучайиб борса, келажакда албатта, Ўзбекистонда буюк уламо аждодларига муносиб олимлар камолга етиши ва давлатингиз раҳбари таъкидлаганидек, «Учинчи Ренессансга мустаҳкам пойдевор қўйилади».

Яна бир эътиборли жиҳат: Ўзбекистонга халқингиз учун улуғ ва муборак сана – 21-октабр – «Ўзбек тили байрами куни» келганимдан ҳам бениҳоя қувондим. Бу байрамни ўзбек халқи катта хурсандчилик билан кутиб олганидан бағоятда таъсирландим. Ҳаттоки, Афғонистон Ислом Республикасида ҳам бу сананинг нишонланиши Ўзбек тилининг нуфузи нақадар юқори эканидан далолат беради.

Шу ўринда, айтиб ўтишим лозимки, Мовароуннаҳр заминида камол топган олимлар томонидан араб тилида ҳам катта маънавий мерос қолдирилган. Шу боис Ўзбекистонда араб тилини ўргатадиган, қолаверса, қадимги Мовароуннаҳрга хос бўлган қўлёзма манбаларни тадқиқ этадиган марказларни кўпайтиришни таклиф қиламан. Бу орқали мазкур манбаларни чуқур ўрганиб, ўзлаштириб, ҳозирги замонавий ўзбек тилига таржима қилиш орқали Ислом оламининг энг буюк алломалари ҳисобланган — Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий сингари бобокалонларингизнинг муносиб издошлари камол топади.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси нафақат Ўрта Осиё, балки бутун дунёда диний ва дунёвий билимларини ўргатадиган етакчи олий таълим ва илмий тадқиқот марказларидан бири, десам муболаға бўлмайди. Шу боис мазкур илм ўчоғига нафақат Ўрта Осиёдан, балки бутун дунёдаги таълим муассасаларидан талабалар келиб, таҳсил олишга интилишмоқда. Демак, Академия нуфузини янада ошириш йўлида барча профессор-ўқитувчилар ва раҳбариятига улкан муваффақият тилайман!

Сўзим охирида Мисрнинг «Ал-Азҳар» мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Тоййибнинг: «Бизнинг руҳимиз Маккаи Мадинага интилса, ақлимиз Самарқандга ошиқади!», дея юртингизга берган нозик таърифини ёдга олмоқчиман. Зеро, дунё цивилизациясига ўзининг тенгсиз ҳиссасини қўшган буюк алломалар, мутафаккирлар юрти ҳамиша қалбларга эзгулик, илм-маърифат нурини таратиб туриши шубҳасиз. Бундай улуғ мерос эса бугун камол топаётган ёш авлодлар тақдирида ҳам борлигига ишонаман!

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати.