Абулқосим мадрасаси

Абулқосим мадрасаси

rgeghrgrtgrtgrt.jpg

Абулқосим мадрасаси Тошкентнинг қадимий ва қадрли бўлган маданий ёдгорликлардан биридир. XIX асрга оид мазкур мадраса бугунгача Абулқосим эшон, Маъдихон қози, Янги маҳалла мадрасаси каби номлар билан юритилган. Мазкур мадраса шаҳримизнинг Бешёғоч даҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқлар дўстлиги майдонларининг орасида жойлашган.

Тарихий маълумотларга кўра, ўз даврининг зиёлиларидан бўлган Абулқосим эшон томонидан қурдирилган. Хонақоҳ ичидаги равоқли меҳроби тепасига ишланган китобасида араб тилида шундай ёзув битилган: «Бу арк каби бинода Расулнинг латиф мўйи бор».  Мадраса дастлаб бир қаватли бўлган, 1864-1867 йилларда унинг иккинчи қавати бунёд этилган. Мадрасанинг асосчиси Абулқосим эшон 1892 йили вафот этган.

 Мадраса архитектураси ўзига хос. Иншоот пишиқ ғиштдан миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган, шакли ва геометрик ўлчамлари жиҳатидан пойтахтимиздаги тарихий обидалар ичида энг йириги ҳисобланади.

Бинони безашда асосий эътибор бош тарзига қаратилган. У чорси пишиқ ғиштдан икки қаватли қилиб, шарққа қаратиб қурилган. Бош тарзининг ўрта қисмида мадраса девори сиртидан 1,82 метр бўрттириб чиқариб, баландлиги 16 метрли пештоқ ишланган. Унинг икки ёнида гулдаста минора қад кўтариб, уларнинг тепа қисмида 16–17-асрга хос мезана бор. Пештоқнинг олд ва ён томонлари (то даҳана асосигача) ва деворнинг кунгурадор қисми чорси пишиқ ғиштдан текис қилиб ишланган. Унинг юқори қисми эса шарафа ҳамда китоба билан безатилган.

Мадраса дарвозасидан кираверишдаги чап ва ўнг томонда дарсхоналар бўлган. Ҳовлининг чап томонида ҳаммомга ва ўнг томонида Абулқосим эшон ҳовлисига олиб чиқувчи йўлакчалар бўлган. Ҳовли ўртасида сардоба, тўрда эса Мўйи Муборак хонақоҳи жойлашган. Мадраса чортоқ тарҳли, ҳовлиси, атрофида миёнсарой, дарсхона ва хонақоҳлардан ташқари шаҳар ташқарисидан келиб ўқийдиган талабаларга мўлжалланган 60 дан ортиқ ҳужралари бўлган.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, мадраса қурилишида дарсхоналарга табиий ёруғлик меъёрида тушиши, ҳовлисида эса ҳамиша мўътадил ҳаво бўлиши инобатга олинган. Мадраса Мўйи Муборак хонақоси, қадимий сардоба ва шарқ ҳаммомлари билан бирга ягона мажмуага бирлашган.

Абулқосим мадрасасида Абдулла Қодирий, Мунаввар­қори Абдурашидхонов, Fулом Зафарий ва Абдурауф Фитрат маълум вақт таҳсил олганлар.

1919 йилда мазкур мадраса ёпилган. Мадраса олдидаги ҳовуз ва мадрасанинг ўнг томонидаги ҳаммом 1940 йилда, чап тарафидаги устунли масжид 1981 йилда бузилган. 1946 йилда рўй берган кучли зилзила натижасида мазкур тарихий иншоот жиддий зарар кўрган. XX асрда ушбу мадраса биносидан турли мақсадларда фойдаланилган, хусусан, маълум бир вақтда у турар жой, омбор вазифасини бажарган, 1974 йилда эса тарихий объектга Тошкент қўғирчоқ фабрикасининг филиали жойлаштирилди. Натижада бино таниб бўлмас даражада хароба ҳолга келиб қолган.  

Абулқосим мадрасаси 1982–1987 йиллар давомида қайта таъмирланган. 1983 йилдан мадрасада Ўзбекистон тарихий ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш жамиятининг Тошкент бўлими, 1996 йилдан Халқаро «Олтин мерос» хайрия жамғармасининг Тошкент шаҳри бўлими ва унинг халқ амалий санъатига ихтисослаштирилган «Устоз-шогирд» йўналишидаги мактаби жойлашган